O'zbekiston Kimyo Jurnali

Нашрнинг 3 сони

ФИЗИК КИМЁ

 

УДК 767.61

Ф. И. Эркабаев

ХРОМ(VI) ИОНЛАРИНИ ЭЛЕКТРОКИМЁВИЙ ҚАЙТАРИШНИНГ ОПТИМАЛ ШАРОИТЛАРИНИ АНИҚЛАШ

ӲзР ФА Умумий ва ноорганик кимё институти, Тошкент, Е-mail: erkabaevf@rambler.ru

Реферат. Муаммонинг келиб чиқиши. Нисбатан заҳарли бўлган олти валентли хром ионларини қайтаришнинг турли усуллари бор. Ташландиқ эритма ва оқава сувларни электрокимвий усулда тозалаш қулай ва самарадор бўлиб, улар катодда қайтариш, электродиализ ва электрокоагуляцияларга бўлинади. Бунда шуни назарда тутиш керакки, хром(VI) ионларини электрокимёвий қайтаришда ток бўйича унумдорлик 14-16% ни ташкил этади, шу билан бирга бу усулда оқава сувларни меёрий концентрациягача тозалаш мумкин. Металларни қайтаришда энергиянинг бир қисми кераксиз бўлган жараёнларга: ионларнинг қутбланиши, баъзи қўшимчаларнинг чўкиши ва электролитнинг қаршилигини енгишга сарф бўлади. Ушбу ишда биз ксилит, сорбит, глицерин каби кўп атомли спиртлар иштирокида олти валентли хром ионларининг қайтарилиш даражасини ошириш бўйича изланишлар олиб бордик. Улардан глицерин нисбатан ижобий натижалар берди.

Ушбу ишдан мақсад, глицерин иштирокида чиқинди эритмаларни электролиз қилишда хромнинг ток бўйича унумдорлигини ошириш ва жараённинг оптимал шароитларини аниқлашдир.

Методология. Текшириш объекти сифатида гальваник хромлаш цехи чиқинди модель эритмаси ва кўп атомли спирт глицериндан фойдаланилган. Эритмадаги хром ионлари концентрациясини аниқлаш учун фотоколориметрик таҳлил усуллари қўлланилган.

Илмий янгилиги. Чиқинди эритмани электролиз қилишда жараённи 1-2% глицерин иштирокида олиб бориш маълум шароитларда ток бўйича унумдорликни 16% дан 23.1% гача ошириши аниқланди.

Олинган натижалар. Ўтказилган изланишлар хромнинг ток бўйича унумдорлигини маълум шароитларда 16% дан 23.1% гача ошириш имкониятини берди. Ток зичлиги 10-12 А/дм2 бўлганда, жараён меёрида кетади. Сульфат кислотанинг концентрацияси 3-4 г/л бўлганда, 40-60 минут вақт оралиғида хром ионларининг максимал қайтарилиши аниқланди.

Калит сўзлар: электролиз, чиқинди эритма, глицерин, ксилит, сорбит, ток зичлиги, ток бўйича унумдорлик.

Хусусиятлари:

* Жараённинг шароитлари ва компонентларнинг оптимал нисбатлари аниқланди.

* Глицерин электролизнинг маълум шароитларида ток бўйича унумдорликни оширади.

Цитата келтириш: Ф. И. Эркабаев. Хром(VI) ионларини электрокимёвий қайтаришнинг оптимал шароитларини аниқлаш //Ӳзбекистон кимё журнали. -2017. -№3. –Б.3-8.

Қабул қилинди: 20.02.2017;  Рухсат берилди: 27.02.2017;  Нашр этилди: 16.05.2017 

 

* * *

УДК 678.68

Ф. Б. Игитов, С. М. Туробжонов, Р. А. Назирова, Т. Т. Турсунов, Н. Ш. Рахматова

ПОЛИКОНДЕНСАЦИОН ТИПДАГИ СУЛЬФОКАТИОНИТНИНГ РАДИАЦИОН БАРҚАРОРЛИГИ

Тошкент кимё-технология институти, Навои 36, Тошкент, E-mail: yigitovf@mail.ru

Реферат. Муаммонинг келиб чиқиши. Охирги йилларда таркибида радиоактив элементлар бўлган ресурсларни қайта ишлашнинг ион-алмашинув усуллари катта аҳамият касб этмоқда. Кўпгина сунъий радиоактив изотопларни ресурслардан ажратиб олиш учун турли тузилишдаги ион-алмашинувчи полимерлар қўлланилмоқда. Шуни таъкидлаш жоизки, стирол ва дивинилбензол асосидаги сополимерлар ушбу жараёнлар учун жорий этиладиган талабларга жавоб бермаяпти, чунки улар радиацион барқарор эмас. Юқори интенсивликка эга бўлган нурланишнинг ионлашган майдонларидаги ишларнинг ўзига хос хусусияти ионитларга радиациянинг нурланишли таъсири, ион-алмашиниш жараёнлари, ҳамда радиацион барқарор янги ион-алмаштиргичларни излаш билан боғлиқ бўлган кўпгина назарий ва амалий масалаларни ўртага ташлайди.

Ишнинг мақсади. Адабиётлардаги маълумотлардан ионитларнинг радиацион барқарорлиги улар структурасидаги иккиламчи боғларнинг кўплиги билан боғлиқлигини билган ҳолда, ушбу иш таркибида бензол ҳалқаси ва фурфурол гетероцикли бўлган сульфирланган антрацен-фурфурол полимери асосида радиацион барқарор бўлган катионит олишга бағишланган.

Методология. Натрий иони бўйича алмашинув сиғими 0.1 Н NaOH эритмасидан алколометрик титрлаш орқали аниқланди, мис ионлари бўйича сорбцион қобилиятини йодометрик усул орқали, кальций ва магний ионларини трилонометрик, никель ва кобаль ионларини фотокалориметрик усул орқали аниқланди.

Илмий янгилиги. Антрацен-фурфурол полимерини сульфирлаш йўли билан илгари адабиётларда келтирилмаган сульфокатионит олинди. Сульфокатионит структурасида антраценнинг ароматик конденсирланган ядролари ва фурфурол гетероциклларининг мавжудлиги унинг радиацияга барқарор бўлишига олиб келади.

Олинган натижалар. Антрацен-фурфурол полимерини сульфирлаш йўли билан янги сульфокатионит синтез қилинди. Олинган сульфокатионитнинг кальций, магний, мис, никель, кобальт ионлари бўйича сорбцион қобилияти тадқиқ қилиниб, олинган катионит тадқиқ қилинаётган металл ионларга нисбатан етарлича яхши кўрсаткичларга эга эканлиги тасдиқланди. 500 рен дозадаги Co60γ-нурларнинг таъсирида олинган катионит ўзининг асоссий хоссаларини ўзгартирмайди. Сульфокатионитнинг нурланишдан аввал ва кейинги хоссаларини кўп ишлатиладиган радиацион барқарор сулфткатионитларнинг хоссалари билан солиштириш, биз томондан синтез қилинган сульфокатиоинт ушбу катионитлардан радиацион барқарорлиги бўйича қолишмаслигини кӱрсатди.

Калит сўзлар: сульфокатионит,антрацен, фурфурол, алмашинув сиғими, поликондесация,сорбция, нурланиш, радиацион барқарорлик, гетероцикл.

Хусусиятлари.

* Поликоненсация реакциясини олиб бориш учун бошланғич мономер сифатида фурфурол ва антрацен ишлатилган;

* Олинган сульфокатионит таркибида конденсирланган ароматик ядролар ва фурфурол гетероцикллари мавжуд.

Цитата келтириш: Ф. Б. Игитов, С. М. Туробжонов, Р. А. Назирова, Т. Т. Турсунов, Н. Ш. Рахматова. Поликонденсацион типдаги сульфокатионитнинг радиацион барқарорлиги  // Ӳзбекистон кимё журнали. -2017. -№3. –Б.8-13.

Қабул қилинди: 22.03.2017;  Рухсат берилди: 13.04.2017;  Нашр этилди: 16.05.2017 

 

* * *

НООРГАНИК КИМЁ

UDK 666.942

G. J. Orazimbetova, M. I. Iskandarova, D. K. Adilov

QORAQALPOG’ISTON MERGELI VA BARHAN QUMIDAN TASHKIL TOPGAN IKKI KOMPONENTLI HOM ASHYO ARALASHMASIDAN YUQORI KREMNEZEMLI KLINKERNI SINTEZ VA TADQIQ QILISH

O’zR FA Umumiy va noorganik kimyo institute, Toshkent

Referat. Muammoning kelib chiqishi. Qoraqalpog’iston Respublikasining ko’p miqdorda ishlatilmagan mineral, qurilish hom ashyo zahiralariga yega ekanligi jadal rivozhlanishni ta`minlanishga xizmat qiladi va bu hududning sanoatini kelajakda modernizaciya va diversifikaciya qilishda, iqtisodiy o’sishini jadallashtirishda qishloq xo’jalik hom ashyolarini qayta ishlash, oziq-ovqat va engil sanoat, qurilish materiallari mahsulotlarini ishlab chiqarishda qo’l keladi.

Ishning maqsadi. Qoraqalpog’istonning  mergeli va barhan qumidan tashkil topgan ikki komponentli hom ashyo aralashmasidan olingan klinkerning optimal kimyoviy-tehnologik parametrlarini aniqlash va GOST 10198-85 "Portlandcement va shlakoportlandcement. Tehnik shartlar" talablariga jabov beradigan yuqori sifatli portlandcement olish.

Metodologiya. Tadqiqot o’tkazishda quyidagi usullardan foydalanildi: kimyoviy analiz, klinkerni kuydirish uchun kerakli hom ashyo aralashmasining hisobi "Cement zavodini tehnolgik loyihalashtirish idoraviy me’yori" mahsus dasturiga asosan,   etil-glicerat usuli yordamida TK 0.82 dan 0.92 oralig’ida aniqlandi. Klinkerning fazali tarkibi va mikrotuzilishi elektron-mikroskop tahlil usuli yordamida sharxlandi.

Ilmiy yangiligi. Ishda birinchi marotaba Qoraqalpog’istonning mergeli va barhan qumidan tashkil topgan ikki komponentli hom ashyo aralashmasidan kondicion portlandcement klinkerini olish imkoniyati tasdiqlangan. Hom ashyo aralashmasiga Na2SiF6 qo’shilganda klinker hosil bo’ish jarayonining past haroratda o’tishi va markasi 300-500ga teng cementga qo’yiladigan normativ hujjat talablariga jabov beradigan cement olinishi ko’rsatilgan.

Olingan natijalar. Tajribaviy tadqiqotlar natijhasida mergel va barhan qumidan tashkil topgan ikki komponentli hom-ashyo aralashmasidan yuqori kremnezemli klinkerni olish tehnologiyasi ishlab chiqildi.

Kalit so’zlar: mergel, barhan qumi, kuydirish, klinker, mineral hosil qilish, tuzilish, cement, sul`fatga chidamlilik, mustahkamlik.

Xususiyatlari:

* Ikki komponentli hom ashyo aralashmasidan  klinker sintez qilish.

* Klinkerning hisoblangan va haqiqiy kimyoviy tarkibini optimallashtirish.

* Yangi hom ashyo aralashmasining optimal moddalar tarkibini saralash.

* Mergel va barhan qumi asosida olingan klinkerni fizik-kimyoviy tadqiq qilish.

Tsitata keltirish: G. J. Orazimbetova, M. I. Iskandarova, D. K. Adilov. Qoraqalpog’iston mergeli va barhan qumidan tashkil topgan ikki komponentli hom ashyo aralashmasidan yuqori kremnezemli klinkerni sintez va tadqiq qilish //O’zbekiston kimyo jurnali. -2017.-№3. –B.14-20.

Qabul qilindi: 23.02.2017;  Ruhsat berildi: 22.03.2017;  Nashr etildi: 16.05.2017

* * *

Е. Т. Сафаров, В. П. Гуро, М. А. Ибрагимова

МОЛИБДЕН КОНЦЕНТРАТИНИ КУЙДИРИШ УЧУН CОХТА ҚАЙНОВЧИ ҚАТЛАМ РЕАКТОРИ.

2 ҚИСМ

ӲзР ФА Умумий ва ноорганик кимё институти, Тошкент

Реферат. Муаммонинг келиб чиқиши. «Олмалиқ ТМК» АЖ молибденит концентратини донадорлаш шихтасининг таркибида 10% каолин бӱлиб, куюндидаги Мо миқдорини камайтиради. Куюндида молибден миқдорининг, доналар юзасининг ғоваклилигининг юқори бӱлишини таъхминловчи, натижада реакция зонасидан олтингугурт оксидининг кетиши ва кислороднинг келишини осонлаштирувчи каолинга альтернатив СК-К ва СК-Д полимерлари асосидаги таркиблар яратилди. Бироқ, барабан туридаги печда СК-К ва СК-Д боғловчилари доналарнинг бир-бирига ёпишиб қолиши ва печ тубига куюндининг ёпишишига олиб келар экан. Бу нохуш ҳоллардан сохта қайновчи қатлам печларида қутилиш мумкин. Шунинг учун МОК доналарининг кӱрсатилган боғловчилар билан 20-300-600°С ҳарорат оралиғида структурасини тадқиқ қилиш зарур.

Ишнинг мақсади – СК-К ва СК-Д полимер боғловчилар билан донадорланган МОК ни куйдириш учун СҚҚ реакторини ва доналар намуналарининг дифрактограммаларини тадқиқ этиш.

Методология. Объект – турли табиатга эга боғловчилар билан Мо-концентратини донадорлаш шихтаси, қуритиш ва 20-110-300°С ҳароратда термо ишловдан кейинги шихталардан олинган доналар. Доналарнинг термо ишловини қуритиш шкафида, муфель печида атмосфера босими остида, очиқ ҳавода барабанли печга (БП)  ӱхшатиб ёки 150 см3 ҳажмли ҚҚ реакторда ҳаво ёки О2 юбориб олиб борилди. Доналарнинг мустаҳкамлигини (босим остида, парчалангунча), элемент, термик, ИҚ-спектрлар таҳлилларига қӱшимча қилиб, бу босқичда ренгенофазовий назорат олиб борилди - Cu-катодли ва Ni-фильтрли ДРОН-УМ дифрактометрида, СоК.

Илмий янгилиги. СК-К и СК-Д полимерларидан МОК донадорлаш шихтасининг компоненти сифатидаги, кулсиз органик боғловчилар ишлаб чиқилди. Турли боғловчилар билан МОК доналарини куйдириш учун лаборатория СҚҚ печи яратилди ва синовдан ӱтказилди. Шихта аралашмаларидан олинган 20-300-600°С ҳароратла ишлов берилган дона намуналарининг дифрактограммалари олинди ва шархлаб берилди.

Олинган натижалар. МОК доналарини шихталаш боғловчилари СК-К ва СК-Д полимерларидан ва доналар намуналари ва СҚҚ печлардаги куюндини тайёрлашда фойдаланилди.  Боғловчи ва боғловчисиз олинган намуналарнинг 20-300-600°С ҳароратда қуритиб куйдирилгандан сӱнг дифрактограммалари олинди. 300°С ҳароратда куйдирилган барча намуналарининг кристалл тузилишида ҳеч қандай ӱзгаришлар кузатилмаган. Бу MoS2 нинг MoO3 га қадар оксидланишининг бошланишини билдиради. Бироқ ҳарорат 600°С гача кӱтарилганда намуналарнинг кристалл тузилишида ӱзгаришлар кузатилди. Бу MoS2 нинг MoO3 га қадар оксидланишнинг тугаганлигини билдиради.

Калит сӱзлар: куюнди, молибденит концентрати, боғловчи, полимер.

Хусусиятлари:

* Мо-концентратини донадорлаш шихтасининг боғловчиси – СК-К полимерии.

* Мо-концентратини донадорлаш шихтасининг боғловчиси – СК-Д полимерии.

* СҚҚ печидан олинган полимерли МОК доналари намуналарининг дифрактограммалари олинди.

Цитата келтириш: Е. Т. Сафаров, В. П. Гуро, М. А. Ибрагимова. Молибден концентратини куйдириш учун cохта қайновчи қатлам реактори. 2 қисм. // Ӳзбекистон кимё журнали. -2017. -№3. –Б.20-25.

Қабул қилинди: 16.02.2017;  Рухсат берилди: 29.03.2017;  Нашр этилди: 16.05.2017 

 

* * *

УДК 54-145.82

Ф. М. Юсупов, Ж. Ш. Нурмухаммадов, Г. А. Байматова, Б. Б. Ботиров, Ш. Ф. Юсупов

ИССИҚЛИК АЛМАШИНУВЧИ ҚУРИЛМАЛАРНИНГ ИЧКИ ЮЗАСИДА МАВЖУД ҚАТТИҚ ТУЗ ҚАТЛАМЛАРИНИ ЭРИТИШ УЧУН ЯНГИ ЭРИТМА ТАЙЁРЛАШ ВА УНИ СИНАШ

ӲзР ФА Умумий ва ноорганик кимё институти, Тошкент, E-mail: jalolziyo@mail.ru

Реферат. Муаммонинг келиб чиқиши. Газсуюқлик оқими ҳароратининг пасайиши қурилмалар ва трубаларнинг ички юзаларида туз қатламлари ҳосил бӱлишига сабаб бӱлади. Туз қатламлари унга сарғиш жигар рангдан тӱқ жигар ранггача бӱлган тус берувчи, туз заррачалари юзасини гидрофобловчи кристалл боғланган ва адсорбцияланган органик бирикмалардан иборат.

ЎзР ФА УНКИ “Кимёвий технологиялари” лабораториясида ишлаб чиқилган янги РТО-1 русумли ингибиторли эритма нефт-газ соҳасида иссиқлик алмашинувчиларининг ички юзасида йиғилган қаттиқ туз қатламларини йўқотишда қўллаш учун тавсия этилди.

Ишнинг мақсади. Иссиқлик алмашинувчиларнинг ички юзасини ҳосил бўладиган қаттиқ туз қатламларидан ингибирланган янги эритма ёрдамида тозалаш.

Методология. Органик синтез усуллари. Иссиқлик алмашинувчи қурилмаларининг ички юзасида хосил бўлувчи қаттиқ туз қатламларини янги яратилган ингибирланган эритма (РТО-1) ёрдамида тозалаш самарадорлигини аниқлаш иссиқлик алмашинувчи қурилма намуналарида ўтказилди. Коррозион кўрсаткичларини аниқлаш эса мавжуд стандартлар бўйича аниқланди. “Муборак газни қайта ишлаб чиқариш корхонаси” МЧЖ нинг марказий лабораториясида ингибирланган эритма синовдан ўтказилди.

Илмий янгилиги. Республикамизда биринчи бор иссиқлик алмашинувчи курилма юзасида пайдо булган қаттиқ туз қатламларини йўқотиш учун янги ингибирланган эритмалар синтез қилиниб қўлланилди. Янги олинган эритма махаллий хом-ашёлар асосида олинган ва биологик жиҳатдан юмшоқдир.

Олинган натижалар. Иссиқлик алмашинувчи қурилмалар юзасида йиғилган қаттиқ туз қатламларини йўқотиш учун янги ингибирланган эритмаларни қўллаб, ижобий натижа олинди. Шунингдек “Муборак газни қайта ишлаш заводи” МЧЖ да саноат - тажриба синови ӱтказиш мумкинлиги хақида синов далолатномаси олинди.

Калит сўзлар: кристалланиш, туз қатламлари, эриш, қатлам, қатламларининг шаклланиши, коррозия, деворнинг иссиқлик ўтказувчанлиги.

Хусусиятлари:

* Иссиқлик алмашинувчи қурилмалар ички юзасидаги туз қатламларини йӱқотиш учун ингибирланган эритмалар олинди.

* Туз қатламли трубалар намуналарида синов ӱтказилиб акт олинди.

* Муборак газни қайта ишлаш заводида саноат - тажриба синови ӱтказишга тавсия берилди.

Цитата келтириш: Ф. М. Юсупов, Ж. Ш. Нурмухаммадов, Г. А. Байматова, Б. Б. Ботиров, Ш. Ф. Юсупов. Иссиқлик алмашинувчи қурилмаларнинг ички юзасида мавжуд қаттиқ туз қатламларини эритиш учун янги эритма тайёрлаш ва уни синаш. // Ӳзбекистон кимё журнали. -2017. -№3. –Б.26-31.

Қабул қилинди: 07.02.2017;  Рухсат берилди: 21.04.2017;  Нашр этилди: 16.05.2017 

 

* * *

УДК 661.632.14

О. А. Бадалова, С. С. Ортикова, Ш. С. Намазов, А. Р. Сейтназаров, Б. М. Беглов

МАРКАЗИЙ ҚИЗИЛҚУМ ФОСФОРИТ РУДАСИ ЧИҚИНДИСИНИ ҚИСМАН АММОНИЙЛАШТИРИЛГАН ФОСФОР ВА СУЛЬФАТ КИСЛОТАЛАРИ АРАЛАШМАСИ БИЛАН ЎЗАРО ТАЪСИРЛАШТИРИШ АСОСИДА ОЛИНГАН NPSCa-ЎҒИТЛАР ВА УЛАРНИНГ СУВДА ЭРИМАЙДИГАН ҚИСМИ

ӲзР ФА Умумий ва ноорганик кимё институти, Тошкент

Реферат. Муаммонинг келиб чиқиши. Қизилқум фосфорит комбинати ҳар йили 716 минг тонна ювиб куйдирилган фосфоконцентрат ишлаб чиқаради. Аммо термик бойитиш жараёнида кўп миқдордаги (134.77 минг тонна P2O5) фосфорит чиқиндилари ҳосил бўлади. Улар минераллашган масса (12-14% P2O5), шламли фосфорит (10-12% P2O5) ва чангсимон фракциялардир (18-20% P2O5). Фосфорли ўғитлар танқислигида улар минерал ўғитлар ишлаб чиқаришда фосфоконцентратга альтернатив сифатида хизмат қилиши мумкин.

Ишнинг мақсади. Минераллашган массани (ММ) аммонийлаштирилган фосфор ва сульфат кислоталари аралашмаси билан фаоллаштириш йўли билан олинган NPSCa-ўғитлар ва уларнинг сувда эримайдиган қисмини ўрганиш.

Методология. ММ ни фаоллаштириш жараёнини 60°С да 30 дақиқа давомида кислоталар аралашмаси рН и 2.0 дан 3.5 гача. SO3 : P2O5 нисбати 1.2 дан 2.6 гача ва аммоний сульфатфосфат бўтқасининг (АСФБ) ММ га нисбатлари 100 : 10 дан 100 : 60 гача оралиқда олиб борилди. Ўғитларнинг сувда эримайдиган қисми улардаги сувда эрийдиган компонентларини сув билан ажратиш орқали олинди. Намуналардаги Р2О5 нинг ҳар хил шаклларини фотоколориметрик. СаО эса комплексонометрик усулларда аниқланди.

Илмий янгилиги. ММ ни аммонийлаштирилган фосфор ва сулфат кислоталари аралашмаси билан фаоллаштиришнинг мақбул шароитлари топилди. Ӱғит каби унинг сувда эримайдиган қисми ҳам кўп миқдорда ўсимлик учун ўзлашувчан Р2О5 ва СаО шаклларига эгалиги кўрсатилди.

Олинган натижалар. ММга аммонийлаштирилган фосфор ва сулфат кислоталари аралашмаси билан ишлов берилганда унинг фаоллашиши, яъни ундаги Р2О5 ни ўзлашмайдиган шаклининг ўзлашувчан шаклга ўтиши кӱрсатилди. Аммоний сульфатфосфат бўтқасига нисбатан ММ улуши қанча кўп бўлса, фосфат хом ашёсининг фаолашиш даражсаи шунча паст бўлади. SO3 : Р2О5 = 1.2 кислота аралашмасида фосфат хом ашёсини фаоллаштириш учун АСФБ : ММ мақбул нисбатлари 100 : 10 дан 100 : 40 гача. SO3 : Р2О5 = 1.65 кислота аралашмасида эса 100 : 10 дан 100 : 30 гача ҳисобланади. Бунда Р2О5 сув.эрув. : Р2О5 ўзл.  нисбати 0.4-0.7 оралиқда бўлади, бу эса ўсимликларга вегетация даврида озуқа моддаларни бир меъёрда ўзлаштириш имконини беради. Энг асосий натижа шундан иборатки, ўғитнинг сувда эримайдиган қисмида фосфор ва кальцийнинг асосий қисми ўсимликлар учун ўзлашувчан шаклда бўлади. Бу хом ашёнинг аммонийлаштирилган фосфор ва сульфат кислоталари аралашмаси билан таъсирлашишида унинг фаоллашганидан далолат беради.

Калит сўзлар: минераллашган масса, аммонийлаштирилган фосфор ва сульфат кислоталар аралашмаси, фаоллашиш, NPSCa-ўғитлар, сувда эримайдиган қисм.

Хусусиятлари:

* Минераллашган массани аммонийлаштирилган фосфор ва сульфат кислоталари аралашмаси билан фаоллаштириб янги турдаги NPSCa-ўғитлар олинган.

* Ӳғитларнинг сувда эримайдиган қисми ўсимликлар томонидан вегетация даврида бир меъёрда ўзлашади.

Цитата келтириш: О. А. Бадалова, С. С. Ортикова, Ш. С. Намазов, А. Р. Сейтназаров, Б. М. Беглов. Марказий Қизилқум фосфорит рудаси чиқиндисини қисман аммонийлаштирилган фосфор ва сульфат кислоталари аралашмаси билан ўзаро таъсирлаштириш асосида олинган NPSCa-ўғитлар ва уларнинг сувда эримайдиган қисми. // Ӳзбекистон кимё журнали. -2017. -№3. –Б.32-39.

Қабул қилинди: 24.02.2017;  Рухсат берилди: 02.05.2017;  Нашр этилди: 16.05.2017 

 

* * *

УДК 631.85:661

Б. Э. Султонов

ПАСТ НАВЛИ МАРКАЗИЙ ҚИЗИЛҚУМ ФОСФОРИТЛАРИ ХЛОРИД КИСЛОТАЛИ БОЙИТИШ ЖАРАЁНЛАРИНИ ТАДҚИҚ ЭТИШ

ӲзР ФА Умумий ва ноорганик кимё институти, Тошкент, E-mail: bse-chemist-68@mail.ru

Реферат. Муаммонинг келиб чиқиши. Ўзбекистонда таркибида фосфор тутган ўғитлар ишлаб чиқаришда Марказий Қизилқум фосфоритлари хом-ашё бўлиб ҳисобланади. Аммо улар асосий компонент (Р2О5) бўйича камбағал  бўлиб ҳисобланади. Бундай таркибли фосфоритлардан тўғридан-тўғри концентрланган фосфорли ўғитлар олиш иқтисодий самарасиз ва мақсадга мувофиқ эмасдир. МҚ фосфоритларидан хлорид кислотали преципитат олишнинг бир неча камчиликлари мавжуддир: фосфорит унини бой қисмидан фойдаланиш; минераллашган масса ва фосфорит кукуни кўринишидаги фосфорли чиқиндини ҳосил бўлиши; технологик схемани мураккаблиги. Бундан ташқари каустик сода ишлаб чиқаришда чиқинди сифатида ҳосил бўладиган хлорид кислотани фойдали ишлатиш ҳам муҳим муаммолардан бири ҳисобланади. 

Ишнинг мақсади. Ҳар хил навли фосфорит хом-ашёсини хлорид кислотали бойитиш асосида концентрланган фосфорли оддий ва комплекс ӱғит олишга яроқли бўлган кимёвий бойитилган фосфорит концентрати олиш тадқиқотнинг мақсади ҳисобланади.

Методология. Фосфат хом-ашёсини бойитиш учун найчасимон шишали реакторга электромотор орқали ҳаракатга келтирилувчи бурамали аралаштиргич ўрнатилган лаборатория ускунасидан фойдаланилди. 

Илмий янгилиги. Ҳар хил навли фосфорит хом-ашёсини хлорид кислотали бойитишга турли омиллар таъсири ўрганилди. Концентрланган фосфорли ўғитлар олишга яроқли бўлган фосфоконцентратлар олишнинг мақбул шароитлари аниқланди. 

Олинган натижалар. Фосфоконцентратлар олишнинг мақбул шароитлари аниқланди: жараённи олиб бориш ҳарорати – 35-40°С, НСl нинг меъёри фосфорит уни ва минераллашган масса учун мос равишда 40-50% ва 50-60% га тенг ва ювувчи сувнинг ҳарорати – 80-85°С.

Калит сўзлар: фосфорит уни, минераллашган масса, бойитиш, хлорид кислота, нейтралловчи моддалар.

Хусусиятлари:

* Фосфорит концентратлари олинди.

* Улар фосфорли ўғитлар олиш учун яроқли.

Цитата келтириш: Б. Э. Султонов. Паст навли марказий қизилқум фосфоритлари хлорид кислотали бойитиш жараёнларини тадқиқ этиш. // Ӳзбекистон кимё журнали. -2017. -№3. –Б.39-47.

Қабул қилинди: 22.03.2017;  Рухсат берилди: 21.04.2017;  Нашр этилди: 16.05.2017 

 

* * *

УДК 577.4575.1631.6.02

Ш. А. Кулдашева

УЧУВЧАН ТУЗЛИ ТУПРОҚ ҚУМЛАРНИ МУСТАҲКАМЛОВЧИ-МЕЛИОРАНТЛАР ЁРДАМИДА КИМЁВИЙ МУСТАХКАМЛАШ ХУСУСИЯТЛАРИ

ӲзР ФА Умумий ва ноорганик кимё институти, Тошкент, E-mail: ecology.shaxnoz@mail.ru

Реферат. Муаммонинг келиб чиқиши. Учувчан тузли тупроқ қумларни кимёвий мустаҳкамлаш, тупроқ структурасини яхшилаш, уларнинг коллоид-структурали хусусиятларини ўрганиш ва шунга асосан мелиорантларни танлаш амалий коллоид кимё ва экология олдидаги асосий муаммолардан биридир.

Ишнинг мақсади. Маҳаллий хом ашё ва саноат чиқиндиларидан фойдаланиб учувчан тузли тупроқ-қумларни мустаҳкамловчи комплекс қўшилмаларни танлаш ва улар асосида Ўзбекистон Республикаси Сурходарё вилояти тузли-тупроқ-қумларни мустаҳкамлаб атроф муҳит экологик ҳолатини яхшилаш.

Методология. Ушбу мақолада танланган объектнинг кимёвий тахлили, рентгенограмма ва бошқа анализлари замонавий усуллардан фойдаланган ҳолда, компьютерда бошқариладиган XRD-6100 (Shimadzu, Japan) (λ = 1.5418 Å) русумли аппаратда ренген нурлари ёрдамида аниқланди.

Илмий янгилиги. Учувчан тупроқ-қумларни кимёвий мустаҳкамлаш мақсадида саноат чиқиндилари асосида мустаҳкамловчи қўшилмалар танланди ва уларнинг самарадорлиги исботланди. Шунингдек республика экологик муаммоларини бартараф этишда муҳим аҳамиятга эга бўлган учувчан тупроқ қумларни мустахкамловчи структура олишга эришилди.

Олинган натижалар. Ушбу мақолада учувчан тузли тупроқ-қумларни сувда эривчан, саноат чиқиндилари асосида тайёрланган комплекс қўшилмалар ёрдамида кимёвий мустаҳкамлаш усули тавсия этилди. Бунда СЧА умумий миқдорининг ошиб бориши тупроқ-қум зарраларининг ўлчамларига боғлиқлиги исботланди ва шунингдек, тузли-тупроқ қумларни комплекс қўшилмалар ёрдамида мустаҳкамланганда учувчан тузли тупроқ-қум зарралари эркин-дисперслик ҳолатидан мустаҳкамланган ҳолатга ўтиши аниқланди.

Калит сўзлар: дисперс система, суспензия, тупроқ, тузли қум, мустаҳкалаш,қӱшилма, эрозия, дифляция.

Ҳусусиятлари:

* Tупроқ қум намуналарини мустаҳкамловчи саноат чиқиндилари асосидаги комплекс қўшилмаларни танлаш;

* Tупроқ кум намуналарининг янги структура ҳосил қилиш имкониятларини ўрганиш;

* Tупроқ-қум намуналарини комплекс қўшилмалар билан кимёвий мустаҳкамлаш самарадорлиги.

Цитата келтириш: Ш. А. Кулдашева. Учувчан тузли тупроқ қумларни мустаҳкамловчи-мелиорантлар ёрдамида кимёвий мустахкамлаш хусусиятлари  // Ӳзбекистон кимё журнали. -2017. -№3. –Б.47-54.

Қабул қилинди: 13.03.2017;  Рухсат берилди: 12.05.2017;  Нашр этилди: 16.05.2017

 

* * *

ОРГАНИК КИМЁ

 

УДК; 547,562; 547,545

Ж. Ш. Нурмухаммадов, Ҳ. C. Тожимуҳамедов, С. Н. Расулова, Г. А. Байматова, Ф. М. Юсупов

1,3- ДИГИДРОКСИБЕНЗОЛ ВА 1-ГИДРОКСИ-3-МЕТОКСИБЕНЗОЛНИ  НИТРОЗОЛАШ РЕАКЦИЯЛАРИ

ӲзР ФА Умумий ва ноорганик кимё институти, Тошкент, Мирзо Улугбек кўчаси, 77а уй;

 E-mail:jalolziyo@mail.ru

Реферат. Муаммонинг келиб чиқиши. Ҳозирда ривожланаётган мамлакатимиз равнақи учун импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган кимёвий маҳсулотларни ўзимизда ишлаб чиқариш масаласи қўйилмоқда. Маълумки, кўп йиллардан буён аналитик кимё соҳасида d металларни сифат жиҳатдан аниқлашда Ильинский реагенти ишлатилиб келинмоқда. Бу каби реагентлар d металл ионлари билан қийин эрийдиган ички молекуляр хелат комплекслар ҳосил қилиши, қиммат эритувчиларни талаб қилиши ва чет элдан валютага  келтирилиши билан ноқулай.  1,3-дигидроксибензол ва 1-гидрокси-3-метоксибензолни нитрозолаш орқали олинган нитрозомаҳсулотлар юқоридаги камчиликлардан холи бўлганлиги сабабли уларни нитрозолаш реакциялари ўрганилди. Ўтказилган нитрозолаш реакцияларнинг муқобил шароитлари, маҳсулот унумига таъсир этувчи омиллар ўрганилди.

Ишнинг мақсади. 1,3-дигидроксибензол, 1-гидрокси-3-метоксибензолни изобутилнитрит билан нитрозолаш реакцияларини ўрганиш ва маҳсулот унумига таъсир этувчи омилларни аниқлаш. Олинган о-нитрозомаҳсулотларни тузилишини мавжуд спектроскопик усулда тасдиқлаш ва уларнинг баъзи оралиқ металлар билан ҳосил қилган комплексини ўрганиш.

Методология. Органик кимё усуллари, физик-кимёвий тадқиқот усуллари - ИҚ ва ПМР спектроскопия, ЮҚХ.

Илмий янгилиги. Биринчи марта 1,3-дигидроксибензол ва 1-гидрокси-3-метоксибензолни органик нитритлар билан нитрозолаш реакциялари ҳамда маҳсулот унумига таъсир этувчи омиллар ва уларнинг баъзи d металлар билан ҳосил қилган комплекслари ўрганилди.

Олинган натижалар. 1,3-дигидроксибензол ва 1-гидрокси-3-метоксибензолни изобутилнитрит билан нитрозолаш реакциялари  ўрганилди. Маҳсулот унумига дастлабки модда миқдорларининг таъсири, нитрозоловчи агент миқдори, ҳарорат, реакция вақти (давомийлиги) таъсирлари ўрганилди. Олинган о-нитрозомаҳсулотларнинг таркиби ва тузилиши ИҚ ва ПМР спектрлар, ЮҚХ ёрдамида тасдиқланди. Уларнинг баъзи оралиқ металлар билан ҳосил қилган комплексининг аналитик тавсифлари ўрганилди.

Калит сўзлар: фенол, нафтол, 1,3- дигидроксибензол, 1-гидрокси-3-метоксибензол, изобутилнитрит.

Хусусиятлари.

* 1,3- дигидроксибензол ва  1-гидрокси-3-метоксибензоллар нитрозоланди. 

* Маҳсулот унумига таъсир этувчи омиллар аниқланди.

* Нитрозомаҳсулотнинг баъзи аналитик хоссалари ўрганилди.

Цитата келтириш: Ж. Ш. Нурмухаммадов, Ҳ. C. Тожимуҳамедов, С. Н. Расулова, Г. А. Байматова, Ф. М. Юсупов. 1,3- дигидроксибензол ва 1-гидрокси-3-метоксибензолни  нитрозолаш реакциялари // Ӳзбекистон кимё журнали. -2017. -№3. –Б.55-61.

Қабул қилинди: 07.02.2017;  Рухсат берилди: 27.04.2017;  Нашр этилди: 16.05.2017

 

* * *

УДК 665.5

Р.Р. Ҳайитов, Б.Э. Шерматов, У.У. Эшонқулов, Г.Р. Нарметова

ФАОЛЛАШТИРИЛГАН КЎМИР ОЛИШ МАҚСАДИДА ЎРИК ДАНАГИНИ КАРБОНИЗАЦИЯЛАШ ВА КАРБОНИЗАТНИ БУҒЛИ ФАОЛЛАШТИРИШ

ЎзР ФА Умумий ва ноорганик кимё институти, Тошкент ш.

Реферат. Муаммонинг келиб чиқиши. Сўнги вақтларда фаоллаштирилган кўмирларни ишлаб чиқариш суръати ўсиб бормоқда ва ўз-ўзидан улар қўлланиладиган соҳалар ҳам тўхтовсиз кенгаймоқда. Ўзбекистон ҳудудида 4 йирик газни қайта ишлаш заводлари бўлиб, уларда табиий газни нордон компонентлардан аминли тозалаш қурилмаларида регенерацияланган аминлар эритмаларини адсорбцион тозалаш учун АГ-3, HX-30, Шемверон каби фаоллаштирилган кўмир русумлари ишлатилади. Шуни инобатга олиш керакки, бу фаоллаштирилган кўмирларнинг барчаси чет эл маҳсулоти бўлиб, катта пул маблағлари ҳисобига импорт қилинади.

Импорт ўрнини қоплай оладиган маҳаллий маҳсулотларни ишлаб чиқариш долзарб муаммо бўлиб ҳисобланади.

Ишнинг мақсади. Фаоллаштирилган кўмир олиш мақсадида ўрик данагини карбонизациялаш ва олинган кўмирни сув буғи ёрдамида фаоллаштириш ҳамда унинг физик-кимёвий хусусиятларини аниқлаш. Шунингдек, уни техник циклогексанни тозалашда синовдан ўтказиш.

Методология. Фаоллаштирилган кўмир олиш учун электр токи ёрдамида иситиладиган лаборатория трубали реакторида ҳаво иштирокисиз ўрик данаги карбонизацияланди ва олинган карбонизат сув буғи ёрдамида 1-2 соат мобайнида фаоллаштирилди. Олинган фаоллаштирилган кўмирнинг физик-кимёвий ва адсорбцион хусусиятлари Давлат стандартларига мос равишда аниқланди.

Илмий янгилиги. Ўрик данагидан фаоллаштирилган кўмир олинди. Унинг физик-кимёвий ва адсорбцион хусусиятлари аниқланди ҳамда АГ-3 русумли саноат фаоллаштирилган кўмирининг хоссалари билан таққосланди. 

Олинган натижалар. Ўрик данагини карбонизациялаш жараёни электр токи ёрдамида иситиладиган трубали реакторида ҳаво иштирокисиз 400-800°С ҳарорат оралиғида амалга оширилди. Олинган карбонизат сув буғи ёрдамида 1-2 соат мобайнида 800-850°С  ҳароратларда фаоллаштирилди. Фаоллаштириш жараёнидан кейин, олинган фаоллаштирилган кўмирнинг физик-кимёвий ва адсорбцион хусусиятлари аниқланди. Олинган натижалар қуйидагилардан иборат: уйирмавий зичлик (г/дм3) – 570-577, солиштирма юза (м2/г) – 805-890, кулланганлиги (%) – 9.5-10.6, бензол бўйича адсорбцион фаоллиги (г/100 г) – 1.45-1.87

Калит сўзлар: фаоллаштирилган кўмир, ўрик данаги, карбонизат, фаоллаштиргич, буғ генератори, диэтаноламин, регенерация.

Хусусиятлари:

* Ӳрик данагидан фаоллаштирилган кўмир олинди;

* Янги адсорбентнинг хоссалари аниқланди.

Цитата келтириш: Р.Р. Ҳайитов, Б.Э. Шерматов, У.У. Эшонқулов, Г.Р. Нарметова. Фаоллаштирилган кўмир олиш мақсадида ўрик данагини карбонизациялаш ва карбонизатни буғли фаоллаштириш // Ӳзбекистон кимё журнали. -2017. -№3. –Б.61-67.

Қабул қилинди: 23.03.2017;  Рухсат берилди: 05.05.2017;  Нашр этилди: 16.05.2017

* * *

УДК 547.962.9-036.745

С. Х. Каримов, Д. А. Файзуллаева, Н. Р. Кадирова, А. С. Рафиков

АКРИЛ МОНОМЕРЛАРИНИНГ КОЛЛОГЕН БИЛАН ПАЙВАНД СОПОЛИМЕРЛАНИШИНИ КИНЕТИК ҚОНУНИЯТЛАРИ

Тошкент текстил ва енгил саноат институти, Тошкент, Е-mail: asrafikov@umail.uz

Реферат. Муоммонинг келиб чиқиши. Коллаген – энг кўп тарқалган табиий оқсиллардан бири, хайвон бирлаштирувчи тўқималарининг асосий массасини ташкил этади. Коллагенни ажратиб олиш ва ундан фойдаланиш хом тери чиқиндиларидан рационал фойдаланишнинг усулларидан биридир. Бунда коллаген сақловчи композициядан қимматли мақсадли махсулот олиш мумкин. Коллагенни синтетик полимерлар билан композицияларида полимер занжирида турли функционал гуруҳларнинг мавжудлиги туфайли янги ноёб хоссалар пайдо бўлади. Бундай композициялар олишнинг истиқболли усули – коллагенни функционал-актив мономерлар билан пайванд сополимерларини олишдир.

Ишнинг мақсади: акрил мономерларини коллаген билан радикал пайванд сополимерланишининг кинетик қонуниятларини аниқлаш.

Методология: дилатометрия, радикал “тутқич” усули.

Илмий янгилиги. Эритмада акрил мономерларини радикал инициаторлар иштирокида коллаген билан сополимерланишида реакцияларнинг кинетик тартиби, полимер занжирларини ўсиш ва узилиш реакция тезликлари константаларинг нисбати аниқланди. 

Олинган натижалар. Калий персулфат иштирокида акрил кислотаси ва метилметакрилатни коллаген билан пайванд сополимерланиш реакция тезлигини мономер, инициатор концентрациясига ва температурага боғлиқлиги аниқланди. Боғлиқлик эгрилари бўйича реакцияларнинг мономер ва инициатор бўйича тартиблари, жараённинг активланиш энергияси, тезлик константаларининг қийматлари аниқланди.

Калит сўзлар: коллаген, акрил мономери, инициатор, пайванд сополимерланиш.

Хусусиятлари:

* Компонентлар бўйича реакция тартибларининг юқорилиги.

* Ӳсиш ва узилиш тезликлари константаларинг нисбатини катталиги.

* Полимерланиш жараёни активланиш энергиясининг кичиклиги.

Цитата келтириш: С. Х. Каримов, Д. А. Файзуллаева, Н. Р. Кадирова, А. С. Рафиков. Акрил мономерларининг коллоген билан пайванд сополимерланишини кинетик қонуниятлари // Ӳзбекистон кимё журнали. -2017. -№3. –Б.67-74.

Қабул қилинди: 14.03.2017;  Рухсат берилди: 14.04.2017;  Нашр этилди: 16.05.2017

* * *

УДК 665.335.1

М. М. Маматов, К. Х. Мажидов, М. Н. Рахимов

СОВУНЛАР АСОСИНИ РЕОЛОГИК ХУСУСИЯТЛАРИНИ ЎРГАНИШ

Бухоро мухандислик технология институти, Бухоро ш.

Реферат. Муаммонинг келиб чиқиши. Ёғ кислоталарини совунланиш реакцияси маҳсулотлари ва реагентларнинг реологик хоссалари ишлаб чиқариш жараёнида технологик қурилмаларни шакллантиришга жиддий талаблар қӱяди. Совун асослари ва карбонат массаларини қовушқоқлик хоссалари тӱғрисидаги маълумотларнинг чегараланганлиги илмий асосланган даражада мавжуд ускуналарни ишлаб чиқариш муаммоларини ҳал этишга имкон бермайди.

Ишнинг мақсади. Физик-кимёвий усуллар билан совунлаштирилган ёғлар аралашмасини ва совунланган асосни реологик хоссаларини аниқлаш ва шу асосда узлуксиз совунланиш бӱйича амалий тавсияларни ишлаб чиқиш.

Методология. Асосий қонуниятларини аниқлаш ёғ кислоталари аралашмаси модел намуналарида ва уларни совунланиш маҳсулотларида, ҳамда карбонат масса ва совунланган асоснинг намуналарида амалга оширилди.

Илмий янгилиги. Ўрганилган тезликлар ҳаракати (0-437.4 с-1) оралиғида ҳаракат кучланганлигини (τ) – тезлик ҳаракатига (Д) боғлиқлиги чизиқсимон бўлмаган таснифда ўзгариши аниқланди, карбонат массаси ва совун асоси ньютон суюқликлари бўлмаганларга мосдир. Нейтраллаштириш чуқурлигини (у) 70% дан 100% га қадар ошириш, карбонат массасини самарали қовушқоқлигини 12.0 Па∙с дан 1.0 Па∙с га қадар экспонсеал камайтиради. Бу сувнинг ва электролитларнинг массавий ўзгариши билан боғлиқдир, юқори қовушқоқликка эга бўлган “чучук совун” ҳосил бўлиш эҳтимоллигини камайиши билан белгиланади.

Олинган натижалар. Карбонат массаларини каустик совунлашда реологик хусусиятлар псевдопластик структура ҳолатида сақланади. Карбонат массаларини унумли қовушқоқлигини 70-100% орасида нейтраллаштириш даражасида миқдорий ўзгариш баҳоланиши ва таснифи аниқланди. Совун ўзагини унумли қовушқоқлигини электролитларнинг массавий улушига боғлиқлиги ўрганилди.

Калит сӱзлар: ёғ кислоталар, совунланиш, совун асоси, реологик хоссалар, совун ишлаб чиқариш технологияси.

Хусусиятлари:

* Совун асосларини совун пишириш технологиясида совунланган ўзакларнинг унумли қовушқоқлигини ўзгаришларини ўрганиш муҳим аҳамиятга эга;

* Изланишлар натижалари совун асосини қовушқоқлик кўрсаткичига нисбатан ишлаб чиқаришда автоматик назорат ва бошқариш имкониятини яратади.

Цитата келтириш: М. М. Маматов, К. Х. Мажидов, М. Н. Рахимов. Совунлар асосини реологик хусусиятларини ўрганиш // Ӳзбекистон кимё журнали. -2017. -№3. –Б.74-79.

Қабул қилинди: 05.04.2016;  Рухсат берилди: 07.04.2017;  Нашр этилди: 16.05.2017

* * *

УДК 678.664-405.8+547.333.4′304.9

Р. И. Адилов

СИММЕТРИК ТРИАЗИНСАҚЛОВЧИ ТЎРТЛАМЧИ АММОНИЙ АСОСЛАРИ АСОСИДА КЎПИК ПОЛИУРЕТАНЛАРНИНГ ОПТИМАЛ РЕЦЕПТУРАСИНИ ИШЛАБ ЧИҚИШ

Тошкент кимё-технология институти, Тошкент ш., Навоий 36, E-mail: asror_tcti@mail.ru

Реферат. Муаммонинг келиб чиқиши. Кўпик полиуретанлар соҳасида ишланмалар олиб боришнинг асосий йўналишлари қуйидагилар: янги катализаторлар ва автокаталитик тизимлар ишлаб чиқиш; кўпик полиуретанлар (КПУ) оловбардошлигини ошириш; кўпиртирувчи воситалар сифатида хлорфтор-углеводородларни қўллашни қисқартириш ва тўхтатиш.

Юқоридагилардан шу нарса келиб чиқадики, оловбардошликни ошириш, озон қатламини емирувчи фреонлардан воз кечиш, уларнинг ўрнига камроқ учувчан хавфсиз кўпиртириш агентларини яратиш қаттиқ КПУ соҳасининг глобал муаммолари сарасига киради.

Ишнинг мақсади. N,N’,N”-трис-(β-оксиэтил)-гексагидро- S- триазин ва эпихлоргидрин асосида олингна олигомерлар қўллаб олинадиган қаттиқ КПУ рецептурасини оптималлаштириш.

Методолгия. Ушбу изланишда ходисаларни тадқиқ қилишнинг эмперик услуби қўлланилди-ки, у мавзу бўйича адабий манбалари тахлили ва унинг асосида ўрганилаётган объектларнинг хоссларини модифицирлаш йўналишларининг режасини ишлаб чиқишга асосланган. Ишда миқдорий анализ, пластмассаларнинг физик-механик хоссаларини аниқлашнинг стандартлаштирилган услублари, ҳамда кўпик полиуретанлар композицияларини олиш учун технологик синов ўтқазишнинг стандарт усулидан фойдаланилган.

Илмий янгилиги. Қаттиқ КПУ олиш композицияларида N,N’,N”-трис-(β-оксиэтил)-гексагидро- S- триазин ва эпихлоргидрин асосидаги олигомерлар мўтадил катализаторлар, чокловчи агентлар ва антипиринлар вазифасини бажарилишини кўрсатиб берилди.

Олинган натижалар. Кўпиртириш композицияларида гидроксилсақлов аммоний олигомерларининг миқдорини ўзгартириш хисобига улар асосидаги қаттиқ КПУ нинг шаклаш параметрларини ва физик-механик хоссаларини кенг чегарада ўзгартиришга эришиш мумкин. Шу билан бирга ТОЭГХ-ЭХГ олигомерлари мўтадил катализатор бўлиши хисобига, асосий катализатор бўлган Лапрамол-294 нинг концентрациясини камайтириш имконини бериб, КПУ шакллантириш параметрларини ростлаш учун қўлланилиши мумкин бўлди. Бундан ташқари улар таркибида триазин ҳлқаси ва гологен бўлиши КПУ нинг ёнувчанлик кўрсатгичларини яхшилаш имконини беради. Олиб борилган тадқиқотлар қуйиб олинадиган қаттиқ КПУ рецептурасини оптималлаштириш ва ёниш жараёнида масса йўқотишни 2.5 баробар камайтириш имконини берди.

Калит сўзлар: N,N’,N”-трис-(β-оксиэтил)-гексагидро- S- триазин ва эпихлоргидрин олигомерлари, мўтадил катализатор, антипиренлар, чокловчи агентлар, қаттиқ кўпик полиуретанлар.

Хусусиятлари:

* Қуйиш усули билан олинадиган қаттиқ КПУ рецептураси оптималлаштирилди.

* ТОЭГХ ва ЭХГ олигомерларининг кўп функционаллиги КПУ рецептурасини соддлаштириш имконини берди.

Цитата келтириш: Р. И. Адилов. Симметрик триазинсақловчи тўртламчи аммоний асослари асосида кўпик полиуретанларнинг оптимал рецептурасини ишлаб чиқиш // Ӳзбекистон кимё журнали. -2017. -№3. –Б.79-84.

Қабул қилинди: 02.05.2017;  Рухсат берилди: 15.05.2017;  Нашр этилди: 16.05.2017

* * *

АМАЛИЙ КИМЁ

 

УДК 541. 669: 615.01

А. В. Филатова, Д. Т. Джурабаев, А. С. Тураев

МИЛК ЯЛЛИҒЛАНИШИНИ ДАВОЛАШ УЧУН КОМБИНИРЛАНГАН ДОРИ ВОСИТАСИ ТАРКИБИ ВА ТЕХНОЛОГИЯСИНИ ЯРАТИШ

ӲзР ФА Биоорганик кимё институти, М. Улугбек 83, Тошкент, E-mail: ibchem@uzsci.net

Реферат: Муаммонинг келиб чиқиши. Милк яллиғланиши касалликларини даволовчи ва оғриқ қолдирувчи юқори самарали комбинирланган дори воситаларини яратиш, кимё ва фармацевтика фаноари олдида турган мухим вазифалардан бири хисобланади. Милкнинг яллиғланиш касалликлари терапеясига замонавий ёндашув яллиғланиш касалликларига самарали таъсирга эга булган дори формаларини ишлатилишини тақазо этади. Юқоридагилардан келиб чиқиб бир вақтнинг ўзида яллиғланишига қарши антисептик хамда оғриқ қолдирувчи таъсирга эга комбинирланган препаратларни ишлаб чиқаришга зарурият туғилади.

Бу ишнинг мақсади милкларнингш яллиғланишини даволаш учун ва оғриқ қолдирувчи таъсирга эга дори воситасини таркиби ва технологиясини яратиш.

Методология. Препаратнинг структура хосил қилиш хоссаси реологик усул ёрдамида ўрганилди. Кучланиш харакатини деформация тезлигига боғликлигини ўрганиш усули . водород кўрсаткич гелнинг масса улуши 1% бўлган эритмада Гост 29188.2 талаблари бўйича 20°С хароратда патенциометр ёрдамида аниқланди. Гелнинг ташқи кўриниши, хиди ва ранги Гост 29188.0 талабларига мувофиқ холда аниқланди, водород ва учувчи моддалар масса улуши Гост 29188.4 талабларга мувофиқ ҳолда аниқланди.

Илмий янгилиги: Биринчи марта гел асосини бузмайдиган даражада оз концентрацияда ва юқори специфик фаолликка эга оғриқ қолдирувчи ва антисептик препаратларни қўшиш орқали комбинирланган препаратларни гел асосли препаратлар таркиби ишлаб чиқилди ва олиш технологияси яратилди.

Олинган натижалар: ўтказилган тадқиқотлар натижасида гел асосли милк яллиғланишини даволовчи дори воситаси олинди. Олинган препаратнинг специфик фаоллиги ўрганилди. Препарат олиш технологияси яратилди. Дори таркибидаги фаол моддаларнинг  сифат ва миқдорий таркибини аниқлаш усуллари ишлаб чиқилди.

Калит сўзлар: гел, яллиғланишга қарши активлик, реология, гингивит, оғриқсизлантириш, микробга қарши препарат , антисептик, комбинирланган композиция.

Хусусиятлари:

* Гел таркиби ва ишлаб чиқариш технологияси яратилди.

* Комбинирланган препарат оғриқ қолдирувчи ва антисептик таъсирга ва ёқимли таъмга эга.

Цитата келтириш: А. В. Филатова, Д. Т. Джурабаев, А. С. Тураев. Милк яллиғланишини даволаш учун комбинирланган дори воситаси таркиби ва технологиясини яратиш // Ӳзбекистон кимё журнали. -2017. -№3. –Б.84-91.

Қабул қилинди: 27.03.2017;  Рухсат берилди: 21.04.2017;  Нашр этилди: 16.05.2017

* * *

 

 

835 PDF